Tomdi tumani, Yangi tomdi qo'rg'oni

Иқтисодий судларда коммунал соҳага оид низолар

           Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 34 та коммунал соҳага оид низолар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 7 таси табиий газ, 18 таси электр энергияси ва
9 таси иссиқлик ва ичимлик суви етказиб бериш боғлиқ низоларни ташкил этади.

Иш натижасига кўра 1 та иш кўрмасдан қолдирилган, 6 таси рад этилган бўлса, қолган 27 та иш қаноатлантирилган.

Қаноатлантирилган иқтисодий ишлар бўйича жами 1 млрд. 6 млн. 497 минг 381 сўмлик пул маблағлари таъминотчи корхоналар фойдасига ундириб берилган.

Хусусан, «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Янги Зарафшон» уй-жойлардан фойдаланиш, коммунал хизмат кўрсатиш бўлимидан 344.697.110 сўм қарздорликни ундиришни сўраган.

 Суднинг 2023 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар «Янги Зарафшон» уй-жойлардан фойдаланиш, коммунал хизмат кўрсатиш бўлимидан даъвогар «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси фойдасига 344.697.110 сўм қарз, олдиндан тўланган 6.893.943 сўм давлат божи ва 33.000 сўм почта харажати ундирилган.

Мавжуд таҳлиллардан, ушбу тоифадаги низолар бўйича тарафлар ўртасидаги мавжуд шартнома бўйича таъминотчи корхоналар томонидан шартнома шартига мувофиқ коммунал хизматлар ўз вақтида кўрсатилаётганлиги, жавобгарлар томонидан эса белгиланган муддат ва миқдорларда тўловлар амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорликлар юзага келаётганлиги кузатилмоқда.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, бироқ шартнома шартлари уни имзолаган тарафлар томонидан лозим даражада ихтиёрий бажарилса, келгусида тадбиркорлик субъектларимизнинг ортиқча вақти ва маблағини тежаган ҳолда бу каби низоларнинг судда кўрилишининг олди олинган ҳамда коммунал соҳа янада ривожланган бўлар эди.

 

Шерзод Ғофуров

Зарафшон туманлараро

иқтисодий судининг раиси