Tomdi tumani, Yangi tomdi qo'rg'oni

Тадбиркор мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожланишининг таянчи

Маълумки, тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга оширадиган, таваккал қилиб, ўзининг мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш учун ишлайдиган шахсдир.

Бу фаолияти орқали у мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таъминлайди.

Ўз ўрнида давлат ҳам тадбиркорга мададкор бўлиб, унга ўз фаолиятини эркин амалга ошириши учун барча шарт-шароитларни таъминлаб бериш, ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасидаги вазифасини тўлақонли адо этиб, тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда амалга оширилаётган Ўзбекистондаги бу ислоҳотлар самараси халқаро ҳамжамият томонидан юқори эътирофга сазовор бўлаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ўзининг тадбиркорлик фаолияти жараёнида тадбиркор ҳуқуқий нажот истаб судга юзланади.

Бош қомусимизнинг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шу ўринда, мисол тариқасида ўтган 2023 йил давомида биргина Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан кўрилган иқтисодий низолар доирасида тадбиркорлар манфаатига жами 7 млрд 700 млн. сўмдан зиёд маблағ ундириб берилган.

Низоларнинг аксарияти шартномавий муносабатларнинг бузилганлигидан келиб чиққан.

Бу каби низоларни иқтисодий судда кўриш жараёнида бошқа томоннинг манфаатларига бепарволик билан қараш, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш каби хатти-ҳаракатлар ўз ўрнида аниқланиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ўз мажбуриятларини бузган томон айбдорлигини белгилаш орқали жамиятда қонун ва адолат устувор эканлигини таъминлашга ҳамда тадбиркорларнинг бугунги кундаги судга бўлган ишончини янада оширишга эришилмоқда.

 

Шерзод Ғофуров

Зарафшон туманлараро

иқтисодий судининг раиси