2024 йилнинг 20 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-910-сон Қонун қабул қилинди.
Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига оид чекловлар бекор қилинди ҳамда уларнинг судга шикоят қилиш имкониятлари кенгайтирилди.
Бунга қадар тадбиркорлар сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижаларидан норози бўлган тақдирда, уларнинг шикоятлари дастлаб юқори турувчи солиқ органи томонидан кўриб чиқилиши, шундан кейингина судга шикоят қилишлари мумкин эди.
Эндиликда эса бу чеклов бекор қилиниб, тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек қонунга мувофиқ “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига киритилган ўзгартиришга кўра, тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинди.
Бунда кредиторлар ширкат ёки жамиятнинг устав фонди (устав капиталини) камайтирилганлигидан хабар топган санадан эътиборан ўттиз кун ичида улардан тегишли мажбуриятлари муддатидан илгари тугатилишини ёки ижро этишини ҳамда ўзлари кўрган зарарнинг ўрнини қоплашини ёзма равишда талаб қилишга ҳақлидирлар.
Акциядорлик жамиятларининг кредиторлари эса жамиятнинг устав фонди (устав капитали) камайтирилганлигидан хабар топган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамиятдан ўз мажбуриятларини муддатидан олдин бажаришини ва устав фонди (устав капитали) камайтирилиши билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплашини талаб қилишга ҳақли.
Ушбу қабул қилинган Қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда уларнинг судга шикоят қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси
У.Исмаилов