Tomdi tumani, Yangi tomdi qo'rg'oni

ТОМДИ ТУМАНИ ҲОКИМИ Қ.Т.АЛДАБЕРГЕНОВНИНГ “НАВРЎЗ” УМУМХАЛҚ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАБРИГИ!

 Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

 Қадрли, туманимиз аҳли!

Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – “Наврўз” туфайли она-табиат янада чирой очмоқда.

Халқимиз азал-азалдан “Наврўз”ни "Йилбоши" деб бежиз атамаган. Сабаби айнан шу байрам кириши билан дала-даштлар янги қиёфага киради, гўёки кўкламнинг майин шабадаси ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳузур бағишлаши билан бирга бутун борлиқни уйғотиб, ғайрат-шижоат бахш этаётгандек.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга ҳар кунимиз “Наврўз” бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилганини сиз, азизлар яхши биласиз. 

Халқимиз асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мустаҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами

сифатида нишонлаб келмоқда.

 Бу йилги Наврўз тантаналари туманимизда ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой тарзда ташкил этилмоқда. Наврўз байрами арафасида маҳалла марказларида, аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

Туманимиз аҳлига шарқона янги йилимиз бахт ва шодлик, қувонч ва хурсандчилик олиб келишини тилаймиз.

 Сиз, азизларни шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни “Наврўз” айём билан чин юракдан муборакбод этаман. Байрам шукуҳи кезиб юрган ушбу нурли лаҳзаларда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қилаётган эзгу ишларингизга файзу барокат тилайман.

Наврўз – кириб келаётган йил боши илоҳим юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик, хотиржамлик ва фаровон ҳаёт олиб келсин. Ҳар бир хонадон бахт ва қувонч қўрғонига айлансин!