Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли, туманимиз аҳли!
Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли байрамимиз – “Наврўз” кириб келмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги барча элу-юртимизда яшаётганларнинг орзу интилишларини намоён этди.
Наврўз байрами мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлди. Халқимиз ушбу улуғ байрамни “Олам Нурга Тўлсин сен билан Наврўз” деган ғояни ўзида мужассам этган айём сифатида кенг нишонламоқда.
Халқимиз азал-азалдан “Наврўз”ни "Йилбоши" деб бежиз атамаган. Сабаби айнан шу байрам кириши билан дала-даштлар янги қиёфага киради, гўёки кўкламнинг майин шабадаси ҳар биримизнинг кўнглимизга ҳузур бағишлаши билан бирга бутун борлиқни уйғотиб, ғайрат-шижоат бахш этаётгандек.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга ҳар кунимиз “Наврўз” бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилганини сиз, азизлар яхши биласиз.
Туманимизда ана шу қутлуғ кунни муносиб кутиб олиш учун баракали меҳнат қилинди. Бутун мамлакатимизда бўлгани сингари кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Туманимиз бўйича кўплаб мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилди. Боғларда дарахтларга шакл бериш каби дала юмушлари қизғин олиб борилмоқда. Бу ишлар замирида эса, энг улуғ ва қадимий байрамимизни кутиб олишдек эзгу ният бор.
Халқимиз асрлар давомида одамларни маънан бирлаштирувчи, улар қалбида эзгу фазилатларни янада мустаҳкамловчи, инсонийлик, меҳр-мурувват ғояларини ўзида мужаcсам этган Наврўзни қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келмоқда.
Бу йилги Наврўз тантаналари туманимизда ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой тарзда ташкил этилмоқда.
Сиз, азизларни шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни “Наврўз” айёми билан чин юракдан муборакбод этаман. Байрам шукуҳи кезиб юрган ушбу нурли лаҳзаларда барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қилаётган эзгу ишларингизга файзу барокат тилайман.
Наврўз – кириб келаётган йил боши илоҳим юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик, хотиржамлик ва фаровон ҳаёт олиб келсин. Ҳар бир хонадон бахт ва қувонч қўрғонига айлансин!
Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!