Бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни вилоят аҳолисига етказиш, уларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг субсидия маблағлари асосида фаолият олиб борувчи Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан,
жорий йилнинг 28-март куни Томди туманида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази (ДЖТҚМ) Навоий вилоят бўлинмаси ташаббуси билан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда “Ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатидан асосий мақсад – мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни аҳолининг кенг қатламига тушунтириш ва «Ўзбекистон — 2030» стратегияси бандларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ижтимоий шериклиги масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирда Навоий вилоятининг давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари Котибияти мудирлари, Ўзбекситон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, ДЖТҚМ Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, маҳаллий кенгаш депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Маърузачилар томонидан халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга қаратилган устувор вазифаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон -2030 стратегияси” нинг бандлари бўйича маълумот бериб ўтилди.
Тадбирда Стратегияда барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича белгиланган иккинчи йўналишда иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида илгари сурилган ташаббуслар ҳақида музокаралар олиб борилди.
Тадбир якунида маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, вилоятимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича атрофлича маълумотлар берилди.