Ассалому алайкум, азиз ва қадрли болажонлар!
Аввало Сизларни 1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.
Ҳар биримиз учун энг ёрқин, энг покиза ва гўзал хотиралар бевосита болалик даври билан боғлиқ. Вақт ўтгани сайин болалик билан боғлиқ ҳиссиётлар маълум маънода инсондан узоқлашиши мумкин, бироқ биз ҳаётимиз давомида болалик таассуротларини ҳар доим ич-ичимиздан ҳис қиламиз. Шу сабабли, ушбу байрам нафақат ёш авлод учун, балки ёш авлодни ҳар томонлама ва баркамол ривожланиши учун масъул бўлган шахслар учун ҳам аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан инсон қадри, болалар ҳуқуқлари ҳимояси борасида жуда кенг миқёсдаги амалий ишлар олиб борилмоқда. Сизнинг сифатли таълим олишингиз ва ўзингиз танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишингиз учун юртимизда барча шароитлар яратиб берилган.
Мамлакатимизда Сизга, сизнинг қизиқишларингиз, ҳуқуқ ва манфаатларингизга алоҳида эътибор қаратилади. "Бола ҳуқуқлари" тўғрисидаги конвенсия ратификация қилиниши, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари" тўғрисидаги қонун қабул қилиниши, Болалар омбудсмани институти таъсис этилишини бунинг яққол намунаси сифатида эътироф этишимиз мумкин.
Шу ўринда Ёш авлоднинг соғлом, бахтли бўлиши, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, шунингдек жамият учун фойдали инсон бўлиб вояга етишида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Қадрли болажонлар!
Сиз эртамиз эгаларисиз, сизни баркамол инсон этиб тарбиялаш эса бахтли ва фаровон келажагимиз кафолатидир.
Шу фурсатдан фойдаданиб Сизларни яна бир бор Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Байрам муборак бўлсин, азиз болажонлар!