Tomdi tumani, Yangi tomdi qo'rg'oni

Суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар

         Кейинги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

         Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги 887-сонли Қонунига кўра, суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

       Жумладан, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, суднинг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан кассация шикояти бериши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

       Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

      Шунингдек, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш бўйича инстанция жорий қилинди.

     Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

     Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан у кўриб чиқиш учун ўтказилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.

     Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

       Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилишга, судларнинг масъулиятини оширишга, ўрта бўғин ҳисобланган яъни вилоят ва унга тенглаштирилган судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.

 

                                        

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро

судининг судьяси Лайло Шарипова