Президентимиз томонидан 2024 йилнинг йилнинг 4 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-114-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл харитасида» республикада аҳолини рўйхатга олиш 2025-2026 йилларда ўтказилиши белгиланган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси “2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси (2024 йилнинг 6 ноябригача муҳокамаси давом этади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳалари (2024 йилнинг 8 ноябригача муҳокамаси давом этади) эълон қилинди.
Лойиҳаларга кўра, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2026 йил 15 июлдан 21 августгача ўтказиш белгиланган.
Аҳолини рўйхатга олишга кўмаклашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Республика комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
2024-2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан аҳолини рўйхатга олиш учун зарур техник ва дастурий воситалар харид қилинади.
2025 йил 1 июлга қадар масъул идораларга аҳоли пунктлари ва кўчалар номлари, уйлар ва ҳовлиларнинг тўлиқ рақамланганлик кўрсаткичларини ўрнатишни якунлаш топширилди.
Лойиҳа муҳокамаси 6 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1989 йилдан буён аҳолини рўйхатга олмаган. Президент Фармонига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказиш режалаштирилган эди, аммо COVID-19 пандемияси туфайли 2023 йилга кўчирилганди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида аҳолини электрон рўйхатга олиш ўтказилиши режалаштирилган эди. Шу мақсадда, аҳолини рўйхатга олишнинг махсус сайти https://aholi.stat.uz жорий этилди, "Янги Ўзбекистоннинг бир қисми бўл!" тадбирининг логотипи ва шиори тайёрланди.